Қадамингдан хато гумонлайдилар,
Учраган кимсага ёмонлайдилар,
Сенга омад келса тутарлар мотам,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Керак бўлсанг дарров топарлар лекин,
Ишинг тушса бир бор қочарлар секин,
Елкангга ортишиб ғийбатлар юкин,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Кимда ким ёлғон гап ташиб ўртага,
Уялиб қолади ўзи эртага,
Қўл бериб юпатиб қўймай қайтага,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Билолмадим кимга тегди зарарим,
Айбларим, кўпидан йўқдир хабарим,
Бир дастурхонда туз тотган жигарим,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Пул нима, пул қўлнинг кири дейдилар,
Пул учун бири бирин гўштин ейдилар,
Шундай ичи қора кимсалар борки,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Тер тўкиб, эрта кеч қилибман меҳнат,
Остонамдан йўқлаб келибди омад,
Битта янги кастюм кийиб чиқсанг ҳам,
Шуни ҳам кўролмай қиларлар хасад.
Ёниб кул бўлардар, кўролмайдилар,
Орқангдан гапирмай туролмайдилар,
Оёғингдан чалмай яшолмайдилар,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
Бир эслаб қўймаслар йўлимга зор деб,
Аҳад Қаюм деган бир дўстим бор деб,
Менинг даврим келди бизнинг бозор деб,
Йиқилсанг, байрамдек нишонлайдилар.
SHERLAR.NET