Қишлоғимизда бир дарё бор. Унинг зилол суви шиддат билан оқади. Ҳар тонг дарёга, ястаниб ётган адирга, паст тепаликларга суқланиб боқаман. Кенг қишлоғимнинг ҳуснидан асло тўймайман. Баланд тоғлар томонга термилганимда дарё ёнидаги тик қояга кўзим тушиши ҳамон негадир кўнглим ғалати бўлади. Баъзан сирли куч мени ўша томонга тортаётгандай туйилади. Бир куни унинг ёнида ўтаётиб, аёл кишининг овозини эшитдим. У “Хиёнаткор” дегандай бўлди. Бувамга бу ҳақда айтгандим, у сирли қоя ва мен эшитган ўша сирли товуш ҳақда сўзлаб берди:
— Бу қояда Ойжамолнинг руҳи яшайди, болам. У мана шу қишлоқда ўсган сулув қиз эди. Ота-онаси эрта ўлиб кетгани учун бувисининг қўлида улғайди. Гўзал қизга бадавлат оиланинг ўғли уйланди. Унинг исми Нодир эди. Келин бўлиб тушган хонадонида ҳеч кими йўқ етим қизни одам ўрнида кўрмасдилар. Бечорагинанинг ҳатто қайнона-қайнотаси, қайнсингиллари, эри билан бир дастурхонда ўтиришга ҳақи йўқ эди. Камсуқум қиз хизматкорлар билан бирга овқатланса-да, кун бўйи ҳақоратлар эшитса-да, эрига бу ҳақда айтмас ва ўз ҳолидан нолимасди. Бироқ кўп ўтмай, арзанда ўғилнинг ишқи қишлоққа ишга келган чиройли дўхтир қизга тушди-ю, Oйжамолга бўлган муҳаббати сўнди.
Инобатхон ҳам қадди-қомати келишган эди, у Нодирга аввалига кўз сузибди-ю, кейин то хотинидан қутулмагунча унга турмушга чиқмаслигини айтиб, учрашмай қўйибди. Энди арзанданинг Ойжамолни кўрарга кўзи йўқ эди. У хотинининг оғироёқлигини андиша қилмай, урадиган ва таҳқирлайдиган одат чиқарди. Бироқ эри бошқаларга қўшилиб, унга қанчалик ёмон муносабатда бўлмасин, аёл уйдан чиқиб кетмади. Дарғазаб эр эса ўзини қўярга жой тополмасди. Ахийри у иблиснинг гапига кириб, даҳшатли режа тузди.
Ойжамолнинг овқатига заҳар солди. Лекин келинчакнинг жони сабил экан. У ҳомиласидан айрилди-ю, бироқ тирик қолди. Аммо сулувдан ниҳоятда бадбашара аёлга айланди. Ниятига етолмаган Нодир тағин кутишга қарор қилди. У хотинига ўзини гўё боласидан айрилганига ва юзи хунуклашганига куйингандай кўрсатди-ю, бироқ йўлига тўғаноқ бўлаётган аёлидан қутулишга астойдил бел боғлади. Кейин эшитишимизча, у хотинини дарё томонга олиб бориб, ўша тик қояга чиқишга ундабди. Ўзи ҳам у билан бирга кўтарилибди. Ойжамол эрининг кўнглидаги чиркин ниятидан бехабар эди.
Аёл ортига ўгирилишга улгурмабди ҳам, бераҳм эркак уни дарёга итариб юборибди. Бу сафар аёл омон қолмади. Унинг танасини дарёнинг шиддатли суви оқизиб кетибди. Нодир эса Ойжамолнинг маросимларини ўтказиши билан Инобатхонга уйланди. Бундай дабдабали тўйни ҳеч ким кўрмаганди. Бироқ чимилдиққа кирган куёв келиннинг юзидаги пардани кўтариб, юраги ёрилишига оз қолибди. Инобатнинг гўзал юзи ўрнига бадбашара Ойжамолни кўриб, бақириб юборибди.
Аёл эса:
— Хиёнаткор! Хиёнаткор! Хиёнаткор! — дея такрорлаётгандай бўларкан.
Нодир жонҳолатда эшик томонга отилибди. Аммо эшик ўлгур ҳадеганда очилмабди. Ойжамолнинг қўллари эса уни орқага тортибди. Нодирнинг кўзига бадбашара юздан бошқаси кўринмабди. У ортига ўгирилибди ва келинчакни бўға бошлабди. Жонсиз тана ерга йиқилганида эса Нодир не кўз билан кўрсинки, у Инобат экан. Яқинлари фожиани кўриб, даҳшатдан қотиб қолишибди. Нодир эса гўё телбадай дарё томонга отилибди. Уни Ойжамолнинг овози ўша ёққача таъқиб этиб борибди. Золим эр тик қояга чиқибди-ю, қайғу-алам ичра ўзини сувга отибди. Айтишларича, ҳозир ҳам Ойжамолнинг безовта руҳи шу тик қоя атрофларида изғиб юрар экан.
Мен бу ҳикояни эшитарканман, дунёга келиб, кун кўрмай кетган аёлга ачиндим. Ҳар сафар тик қояга тикилганимда ғамгин аёл қиёфасини кўргандай бўламан…
SHERLAR.NET